Фаластин АҚШни Исроил билан музокараларда воситачи сифатида тан олишдан бош ортди

Фаластин мухторияти президенти Маҳмуд Аббос Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда йиғилишида.

Фаластин мухторияти президенти Маҳмуд Аббос БМТни АҚШни Исроил ва Фаластин ўртасида тинчлик шартномасига эришиш бўйича воситачи мақомидан мосуво этишга чақирди.

У бу ҳақда 13 декабрда Истанбулда ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда йиғилишида гапирди. Аббос Исроилни БМТ аъзолигидан чиқариш масаласини ҳам кўтарди.

-Биз БМТнинг Бош ассамблеясида иштирок этамиз ва Исроилнинг аъзолиги масаласини кун тартибига қўямиз. Негаки, Исроилнинг аъзолиги ҳар қандай халоқаро резолюцияларга зид келади. Биз БМТ Хавфсизлик кенгашида Фаластиннинг БМТга тўлақонли аъзо қилиш масаласини кўтарамиз, - деди Аббос.

Фаластин раҳбари Дональд Трамп 6 декабрда АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олишини эълон қилгани фаластин халқини “ларзага солгани”ни билдирди. Унга кўра, бундай ҳаракат билан Трамп Европа ҳамда АҚШнинг Фаластин ва Исроил ўртасидаги тинчлик шартномасига эришиш йўлидаги ўн йиллик ҳаракатларини пучга чиқарди.

“Биз бундан буён АҚШ Фаластин ва Исроил ўртаисдаги сиёсий жараёнда воситачи эканини тан олишдан бош тортамиз”, деди Аббос.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда йиғилишини очиб берган Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон халқаро ҳамжамиятни “Исроил босиб олган Қуддусни Фаластин пойтахти сифатида тан олиш”га чақирди.