Отасини қамоқдан чиқариш учун йигирма минг доллар пора беришга уринган прокурор қўлга олинди

Ўзбекистондаги шаҳарлардан бирида судларда жиноят ишлари бўйича прокурор ваколатини таъминлаш бўлими прокурори лавозимида хизмат қилган шахс порахўрлик ва коррупцияда айбланди (“Ҳуррият”, 13 декабрь). Исми ошкор этилмаган прокурорнинг дон маҳсулотлари корхонаси раҳбари лавозимида ишлаб келган отаси ва унинг ўринбосари катта миқдордаги маблағни ўзлаштиришда айбланиб, қамоққа олинган. Прокурор эса отаси ва унинг ўринбосарини пора йўли билан жазодан қутқариб қолишга уринган. У порани чўнтагидан эмас, отасининг ўринбосари яқинларидан олишга қарор қилади ва улардан 20 минг доллар ундиради. Шу тариқа у терговчи билан гаплашиб ишни ёптиришга ваъда берган. Аммо прокурорнинг Тошкентга қатнашлари ҳам натижа бермаган – унинг отаси ҳам, яқинлари 20 минг доллар пора берган шериги ҳам озодликдан маҳрум этилган. Шундан кейин 20 минг доллар берган шахснинг яқинлари прокурорнинг қилмиши хусусида ҳуқуқ идораларига хабар беради. Қонунни поймол қилган қонун ҳимоячиси қамоққа олингани хабар қилинган. Бошқа тафсилотлар очиқланмаган.