БМТ Россиянинг Қримдаги сиёсатига қарши иккинчи резолюцияни қабул қилди. Ўзбекистон қарши овоз берди

БМТ Бош Ассамблеяси йиғилиши.

БМТ Бош Ассамблеяси 19 декабрда Россия аннекция қилинган Қримда инсон ҳуқуқларини бузаётганига оид резолюцияни қабул қилди.

Ҳужжат Украина ва яна 30 давлат томонидан тайёрланган бўлиб, унинг қабул қилиниши учун 70 давлат овоз берди. Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Хитой каби 26 давлат қарши чиқди, 76 давлат эса бетараф қолди.

Резолюцияда Россия Украина ҳудуди бўлган Қримни босиб олгани қораланади ва мазкур минтақа Россия ҳудуди сифатида тан олинмаслиги эътироф этилади.

Резолюцияда, шунингдек, Россия ҳукумати Қримдаги қримтатарлар, этник уркаинлар ва бошқа этник гуруҳларнинг ҳуқуқларини бузаётгани ва миллий озчиликларни “камситиш” сиёсатини олиб бораётгани таъкидланган.

Қрим бўйича биринчи резолюцияни БМТ Бош Ассамблеяси 2016 йилда қабул қилган эди. Бу резолюция учун ҳам 70 давлат овоз берган.