Мирзиёев Хитой мудофаа вазирини қабул қилди

Президент Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 декабрда Тошкентда Хитой мудофаа вазири Чан Ваньцюанни қабул қилди.

Президент расмий сайтининг билдиришича, учрашувда Мирзиёевнинг жорий йил май ойида Хитойга қилган сафари доирасида эришилган шартномаларни ҳаётга тадбиқ этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинган.

“Учрашувда икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди”, дейилади расмий билдирувда.

Хитой мудофаа вазирининг Тошкентга иш сафари доирасида Ўзбекистон Қуролли кучлари Академияси ва Хитой Миллий мудофаа университети ўртасида ҳарбий таълим соҳасидаги ҳамкорлик шартномаси имзоланди.