Ўзбекистон Миллий банки мобил телефонлари учун ўзининг Milliy деб номланган дастурини ишлаб чиқди.
Миллий банк матбуот хизматининг билдиришича, мазкур мобил дастур орқали пластик карталардаги пулнинг ҳаракатланишигина эмас, балки турли хизматлар ҳақини тўлаш ҳам мумкин.
Бугунги кунда мазкур дастур юклаб олинган мобил телефони орқали алоқа, интернет, коммунал хизматлар, йўл ҳаракатланиш қоидасини бузганлик учун жарималар, солиқлар ва рақамли телевидение ҳақини тўлаш имконияти бор.
Milliy дастури пул жўнатмалари ва тўловлар умумий миқдорининг 0,5 фоизи миқдорида ҳақ олади. Айни пайтда мазкур дастур орқали амалга оширилаётган жўнатмалар ва тўловлар миқдори чекланмайди.
“Milliy дастуриApp Store и Google Playдан бепул кўчириб олиш мумкин”, деб билдирди Миллий банк матбуот хизмати.
Бундан ташқари дастур воситаси UzCard ва VISA NBU карталаридаги маблағ қолдиғини назорат қилишингиз, юқорида айтилган карталарни блокировка қилишингиз ёки очишингиз, депозит ва кредит ҳисобингиздаги маълумотларни олишингиз мумкин.