Тошкент вилоятида 15 январдан аналог телеканаллар трансляцияси тўхтатилади

Тошкент вилоятида 2018 йилнинг 15 январидан бошлаб аналог телеканалларни трансляция қилиш тўхтатилади. Бу ҳақда 28 декабрда Радиоалоқа, радиоэшиттирш ва телевидения марказига таянган ҳолда Podrobno.uz хабар берди.

Хабарда айтилишича, аналог телевидениядан воз кечиш босқичма-босқич амалга оширилади ва 2018 йил охирига бориб, аналог телевидения бутун мамлакат ҳудудида ўчирилади.

Аввалроқ рақамли телевиденияга ўтиш жараёни учун бепул рақамли телеканаллардан иборат мультиплекс шакллантирилгани хабар қилинган эди. Мазкур мультиплексга Миллий телерадиокомпания таркибига кирувчи телеканаллар ва мустақил телекомпаниялар киритилган.

Хабарда айтилишича, рақамли телевидения жорий этилиши ортидан кабел телеканаллари фаолияти тўхтатилмайди, лекин кабел телеканаллари операторлари аналог ўрнига рақамли телеканалларни эфирга узатади.

Ўзбекистонда рақамли телеканаллар тизимини шакллантириш учун Япония қарз берган эди.

Дастлаб, бу мақсад учун ажратилган кредит миқдори 78 миллион доллар экани айтилган. Бироқ сўнгги хабарда Япония берган қарз миқдори 62,5 миллион доллар экани қайд этилди.