Суриядаги Россия базаларига учувчисиз бошқариладиган аппаратлардан ҳужум қилинди

Суриядаги Хмеймим базасида хизмат ўтаётган Россия ҳарбийлари.

Россия мудофаа вазирлиги Суриядаги Хмеймим ва Тартус ҳарбий базаларига 13та қуролланган учувчисиз бошқариладиган учоқлар ҳужум қилганини 8 январь куни билдирди.

Хабарда айтилишича, 6 январга ўтар кечаси уюштирилган ҳужум оқибатида Россия базаларидаги ҳарбийларига зазар етмаган. Россия ҳарбийлари айрим учоқларнинг радиосигналини илиб олиб, уларнинг бошқарилишини назорат қилишга эришган. Бошқа учоқлар эса Pantsir-S1 зенит комплекслари томонидан йўқ қилинган.

Россия тарқатган маълумотда айтлиишича, Суриядаги Россия ҳарбий базаларига ҳужум қилган учоқлар профессионал тарзда тайёрланган бомбалар билан қуролланган.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳозирча ҳужум ким томонидан уюштирилгани тўғрисида аниқ маълумот келтирмаган, бироқ баёнотда “Террорчилар томонидан ҳужумда қўлланилган инженерлик ечими... фақат спутник навигацияси ва дистанцион бошқарувни таъминлаш имкониятига эга бўлган юксак технологияли давлат томонидангина тақдим этилиши мумкин”, деб айтилади.