Ҳавайида ядровий ракета ҳужуми ҳақидаги "ёлғон тревога" ваҳимага сабаб бўлди

АҚШнинг Ҳавайи штатидаги Фавқулодда вазиятлар марказида ишлайдиган бир ходимнинг адашиб, бошқа тугмани босиб юбориши оролга баллистик ракета учиб бораётгани ҳақидаги "ёлғон тревога"га сабаб бўлди.

Ҳавайи губернатори Дэвид Иге: "Ҳозир бу ҳодисанинг аниқ сабабларини аниқлашга уринаяпмиз ва бундай ҳол такрорланмаслиги учун чора кўраяпмиз", деб баёнот берди.

13 январь куни Ҳавайи аҳолиси мобил телефонларига оролга бир ёки бир неча баллистик ракета яқинлашаётгани ва дарҳол панага яширинишлари кераклиги ҳақида хабар борди.

Саросимага тушиб қолган ҳавайилиликлариннг кўпчилиги ўз уйидаги ванналар, ертўла ва айримлар эса канализация қувурларига яширинди. Бу тревога эълон қилинганидан 38 дақиқа ўтибгина бекор қилинди.

АҚШ ва Шимолий Корея ўртасида сўнгги пайтларда муносабатлар таранглашгани ортидан яқинда оролдаги ядровий ҳужумга қарши огоҳлантирув тизими текширувдан ўтказилган эди. Бундай текширув совуқ уруш тугаганидан буён илк бор ўтказилгани хабар қилинган.