Алишер Усмоновга "Қадимий Бухоро" комплексига эгалик қилиш ҳуқуқи берилмайди

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов.

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов суперзамонавий “Қадимий Бухоро” сайёҳлик комплексини барпо этиш лойиҳасида беғараз хомий сифатида иштирок этмоқда.

Бу ҳақда Podrobno.uz нашри 16 январь куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовга таянган ҳолда хабар берди.

Маълумотда айтилишича, Алишер Усмоновга сармоя ётқизгани учун “Қадимий Бухоро” комплексига эгалик қилиш ҳуқуқи берилмайди. Комплекс Ўзбекистон томонининг мулки бўлиб қолаверади.

Озодлик радиоси 2017 йилнинг июнида президент Шавкат Мирзиëев махсус қарор билан Бухорога хориж сайëҳларини кўпроқ жалб этиш мақсадида “Қадимий Бухоро” номли замонавий марказ қуришга топшириқ бергани тўғрисида хабар қилган эди.

“Лойиҳа сармоядори сифатида асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов номи ҳам тилга олинган бу қарор ижроси устида иш бошланиши билан Бухородаги юзга яқин хонадоннинг ота-боболаридан қолган ҳовлилари бузилиш¸ қадимий Бухоро эса¸ хорижликларни чорловчи ўзига хослигидан ажраш таҳдиди остида қолди”, деб ёзган эди Озодлик радиоси.

“Қадимий Бухоро” лойиҳаси Бухорога келадиган хориж сайëҳлари сонини 2021 йилга қадар 1¸9 марта ошириш мақсадида режаланаëтган улкан ишларнинг бир қисми саналади.