Шимолий ва Жанубий Корея Олимпиадада ягона терма жамоани ташкил этади

Пхенчханда Қишки Олимпия ўйинлари ўтадиган стадион.

Шимолий ва Жанубий Корея Пхенчханда ўтадиган Қишки Олимпия ўйинларида хоккей бўйича ягона аёллар терма жамоасини шакллантиришга келишиб олди.

Бундан ташқари Олимпиаданинг очилиш маросимида бу икки давлат спортчилари битта байроқ остида параддан ўтади. Бу байроқда Корея ярим ороли тасвирланган бўлади.

Associated Press агентлигининг 17 январда хабар беришича, бу келишувни Халқаро Олимпия қўмитаси тасдиқлаши лозим. Бу борадаги якуний қарор шу ҳафта охирида қабул қилиниши кутилмоқда.

Аввалроқ Шимолий Корея Олимпиада ўйинлари пайтида Жанубий Кореяга 140 киишидан иборат оркестр юборишга рози бўлган эди.

2017 йилнинг 9 декабрида икки давлат чегарасидаги Пханмунж шаҳрида сўнгги 2 йилдан бери биринчи марта ўтказилган музокараларда Шимолий Корея Жанубий Кореяда ўтадиган Қишки Олимпиадага ўз спортчиларини юбориши тўғрисида келишувга эришилган.