БМТ Хавфсизлик кенгашида Фаластин президенти Қуддус масаласида нутқ сўзлайди

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос БМТнинг Хавфсизлик кенгашида АҚШ томонидан Қуддуснинг Исроил пойтахти деб тан олиниши масаласида нутқ сўзлайди.

Хавфсизлик кенгашига февраль ойида раислик қилувчи Қувайтнинг БМТдаги элчиси Мансур ал Отайбий 1 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида Маҳмуд Аббос 20 февралда ўтадиган Яқин Шарққа оид йиғинга таклиф қилинганини билдирди.

Отайбий Маҳмуд Аббоснинг нутқини тинглаш хавфсизлик кенгаши аъзолари учун фойдали бўлишини ва унда кўп маълумотлар берилишини айтди.

“Кенгашининг бирорта аъзоси бу таклифга қарши чиққани йўқ”, деди Отайбий.

Дональд Трамп 2017 йилнинг 6 декабрида АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олишини эълон қилган эди. Бу баёнот жаҳон ҳамжамиятининг норозилигига сабаб бўлди.

Фаластин Қуддусни ўз бўлажак мустақил давлатининг пойтахти сифатида билади. Исроил Шарқий Қуддусни босиб олган ва ўз пойтахти деб элон қилган. Аммо жаҳон ҳамжамияти босиб олинган шаҳарни Исроил пойтахти сифатида тан олишдан бош тортган эди.

БМТ Бош Ассамблеяси 2017 йилнинг 21 декабрида Вашингтоннинг Қуддусни пойтахт сифатида тан олиш қарори ноқонуний экани тўғрисида 128-9 рақамли резолюцияни қабул қилган.