Ўзбекистоннинг 10та йирик шаҳрида ҳавонинг ифлосланиши меъёридан 2,7 даражага ортган

Ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлардан бири бўлган Андижон манзараси.

Андижон, Ангрен, Бухоро, Навоий, Фарғона, Олмалиқ, Бекобод, Чирчиқ, Тошкент ва Нукус Ўзбекистонда ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар ҳисобланади.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Президент расмий сайтининг билдиришича, номи зикр этилган саноатлашган шаҳарларда ҳавонинг чанг билан ифлосланиш даражаси санитар меъёрдан ўрта ҳисобда 2,7 баробар ортгани кузатилган.

Шу боис, Экология давлат қўмитаси мутасаддиларига халқаро тажриба асосида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Миллий концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Йиғилишда, шунингдек, Ўзбекистонда фақат 53 фоиз аҳолига санитар-тозалаш хизмати кўрсатилиши, шундан 15 фоизигина хусусий сектор ҳиссасига тўғри келиши, деярли барча қишлоқларда маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш ва ташиш умуман йўлга қўйилмагани таъкидланди.

“Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига тегишли вазирликлар билан биргаликда шаҳарларда чиқинди йиғиш шохобчаларини тартибга солиш, қишлоқ аҳоли пунктларида санитар-тозалаш хизматларини ривожлантириш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди”, дейилади расмий хабарда.