Москвада қалин қор оқибатида 2 минг дарахт қулаб, бир одам ҳалок бўлди

Москвада бундай қор 1957 йилдан бери биринчи марта ёғди.

Москвада 4 февраль куни ёққан қалин қор оқибатида камида бир одам ҳалок бўлди, бир неча одам жароҳатланди.

Москва метеорология хизматининг билдиришча, бундай қор сўнгги марта 1957 йилда ёққан.

Москва мэри Сергей Собянин дараҳт ва симёғочнинг қулаши оқибатида бир одам ҳалок бўлганини, 5 одам жароҳатланганини билдирди.

Унга кўра, камида икки минг дараҳт қулаган, Москва вилоятида камида 5000 одам электр энергия таъминотидан узилиб қолган. Россиянинг Марказий федераль округида эса қор оқибатида камида 57 минг одам электр қувватисиз қолгани хабар қилинди.

Об-ҳаво шароити туфайли Москва аэропортларида деярли 150та рейс қолдирилди. Мактабларда ўқитиш жараёни тўхтатилди. Қорбўрон 5 февраль куни ҳам давом этиши билдирилди.