Путин Қирғизистоннинг 240 миллион доллар қарзидан кечиш тўғрисидаги қонунни имзолади

Россия президенти Владимир Путин.

Қирғизистонга 2012 йилнинг 20 сентябрида Россия томонидан берилган қарзни мувофиқлаштириш тўғрисидаги қонун президент Владимир Путин томонидан 5 февралда имзолангани тўғрисида Кремль хабар берди.

Мазкур қонун 19 январда Давлат думаси томонидан қабул қилиниб, кейин Федерация кенгаши томонидан тасдиқланган.

Қарзни мувофиқлаштириш бўйича Қирғизистон ва Россия ўртасидаги протокол 2017 йилнинг 20 июнида ўша пайтдаги президент Алмазбек Атамбаев Москвага расмий сафар билан борганида имзоланган эди.

Мазкур протоколга мувофиқ Россия Қирғизистоннинг 240 миллион долларлик қарзидан кечиши хабар қилинган.

Расмий маълумотга қараганда, Россия 2012 йилнинг 20 сентябрида Қирғизистонга 488 миллион 900 минг доллар қарз берган.

2012-2013 йилдаги музокаралар натижасида Москва бу қарзнинг 188 миллион долларидан кечган. Қолган 300 миллион долларлик қарз 10 йил давомида кечилиши келишилган.

2016-2017 йилларда Россия бу қарзнинг 60 миллионидан ҳам кечган ва натижада 240 миллион доллар қарз қолган эди.