Путин Маҳмуд Аббос билан учрашишдан олдин Трамп билан телефон орқали гаплашди

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос.

Россия президенти Владимир Путин Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан Москвадаги учрашуви олдидан АҚШ президенти Дональд Трампга телефон қилди ҳамда Исроил ва Фаластин ўртасида юзага келган зиддиятлар масаласини муҳокама қилди.

Путин бу ҳақда Маҳмуд Аббос билан учрашуви пайтида билдириб: “Табиийки биз АҚШ президенти билан Исроил ва Фаластин ўртасидаги зиддиятни бартараф этиш масаласини муҳокама қилдик”, деб айтди.

Путиннинг Маҳмуд Аббос билан учрашуви ёпиқ эшиклар ортида ўтди.

Россия ахборот агентликлари Маҳмуд Аббос АҚШ Қуддусни ўтган йилнинг 6 декабрида Исроил пойтахти сифатида тан олгани ортидан Вашингтонни Исроил билан музокараларда ягона воситачи бўлишига қарши чиқаётганини айтгани тўғрисида хабар қилди.

12 февраль куни АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон Қоҳирада Миср ташқи ишлар вазири билан учрашар экан Қуддус масаласини тилга олиб:

-Президент Трампнинг Қуддус борасидаги баёнотида муҳим жиҳатни таъкидлаб ўтиш лозим: биринчидан президент амалдаги ҳокимиятнинг аҳамиятини тан олган ҳолда Қуддус мақоми муқаддас қадамжоларни назорат қилиш масаласида ўзгариши тарафдори эмаслигини билдирди, иккинчидан Қуддуснинг якуний чегаралари шу кунгача аниқланмаган ва бу томонлар ўзаро келишадиган масаладир, -деб айтди.