Ниқоблилар олиб кетган Саакашвили Польшага депортация қилинди

Польшага депортация қилинган мухолифатчи Михаил Саакашвили.

Киевдан Польшага депортация қилинган мухолифатчи Михаил Саакашвили Россия, Украина ва Грузияни “ўзидан қутилишга ҳаракат қилаётганликда” айблади ва барча тарафдорларини осойишталик сақлашга чақирди.

12 февраль куни ниқоб қийган шахслар Михаил Саакашвилини микроавтобусда номаълум томонга олиб кетгани хабар қилинган эди.

Кейинроқ Украина чегара хизмати Грузияда туғилган Саакашвили Украинада ноқонуний яшаётгани муносабати билан Польшага депортация қилинганини билдирди.

- Мени Польша томони жуда яхши кутиб олди. Украинанинг менга нисбатан ҳаракати ўғирлик ва ғазабни келтирадиган даражадаги ноқонуний иш бўлди. Мен польяклардан миннатдорман, -деган Саакашвили: “Украинада менга нисбатан очилган жиноят иши сохталаштирилган. Путин, Порошенко ва Иванишвили мендан қутилишни исташмоқда”, деб қўшимча қилди.

2013 йили Грузия президенти лавозимидан бўшаган Саакашвили талабалик йилларидаги курсдоши, Украина президенти Петро Порошенконинг командасига қўшилган эди.

Порошенко Саакашвилига 2015 йилнинг 30 майида Украина фуқаролигини берган ва уни Одесса области губернатори этиб тайинлаган эди.

2016 йил охирида Саакашвили Украина ҳукуматига мухолиф эканлигини эълон қилган ва ўшандан буён сиёсий ислоҳотлар талаби билан кўпминг кишилик митинглар ўтказиб келмоқда.