Толибон ҳужумидан 16 нафар афғон полициячиси ҳалок бўлди

Текширув ўтказаётган афғон полициячиси.

Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятидаги блок постга қилинган ҳужумда 16 нафар полициячси ҳалок бўлди.

Расмийларга кўра, Гарешк туманидаги блок постга Толибон жанггарилари 10 февралда ҳужум қилган.

Айрим хабарларда, полицияга ишга киришга муваффақ бўлган Толибон жосусларидан бири полициячиларга ҳужум қилиб, қурол ва ўқ дориларни олиб чиқиб кетгани айтилмоқда.

Лекин Ҳилманд вилоят ҳокимининг расмий вакили Умар Звак: “Биз Толибон жанггариси 16 полициячини ўлдирганини биламиз, лекин бу воқеа қандай бўлганидан ҳозирча хабарсизмиз”, деб айтди.

Толибон ҳаракати мазкур ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди ҳамда бу ҳужумни уюштирган икки нафар жанггари қочишга муваффақ бўлганини билдирди.