Саакашвилига Голландия шахсни аниқлаштирувчи ҳужжат берди

Саакашвили Украинада президент Порошенкога қарши кўплаб намойишларни уюштирган.

Грузиянинг собиқ президенти ва Оддесса вилоятининг собиқ ҳокими Михаил Саакашвилига Голандияда шахсни тасдиқловчи ҳужат берилди.

Бу ҳақда Фейсбук саҳифасида хабар берган Саакашвили Украина фуқаролигига қайтиш ниятида эканини ҳам таъкидлади.

Саакашвили Нидерландия фуқароси Сандра Руловснинг турмуш ўртоғи ҳисобланади. У мана шу асосда Европа Иттифоқи ҳудудида яшашга ҳақлидир. Голландия томонидан берилган ҳужжат унга Европа Иттифоқи ҳудудида меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳам беради.

12 февраль куни ниқоб қийган шахслар Михаил Саакашвилини микроавтобусда номаълум томонга олиб кетгани хабар қилинган эди. Кейинроқ Украина чегара хизмати Грузияда туғилган Саакашвили Украинада ноқонуний яшаётгани муносабати билан Польшага депортация қилинганини билдирди. Саакашвили Польшадан Голландияга борган.

2013 йили Грузия президенти лавозимидан бўшаган Саакашвили талабалик йилларидаги курсдоши, Украина президенти Петро Порошенконинг командасига қўшилган ва унга 2015 йилнинг 30 майида Украина фуқаролиги берилиб, Одесса вилояти губернатори этиб тайинлаган эди.

2017 йилда Порошенко мухолифатга ўтган Саакашвилини ўзи тўғрисида ёлғон маълумотлар беришда айблаб, Украина фуқаролигидан маҳрум этган.