Россия Сурияда юзлаб рус ёлланма ҳарбийси ҳалок бўлганини инкор этди

Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Мудофаа вазирлигига алоқаси бўлмаган 5 нафар россиялик Сурияда АҚШ берган зарбалар оқибатида ҳалок бўлгани таҳмин қилинаётганни билдирди.

-Сурияда юзлаб Россия фуқаролари ҳалок бўлгани тўғрисидаги маълумотлар ёлғон хабарлардир. У ерда 400 нафар ҳам, 200 нафар ҳам, 100 ва ҳатто ўн нафар ҳам россиялик ўлмади. Дастлабки маълумотларга қараганда, айни пайтда нима сабабдан юз бергани ўрганилаётган тўқнашувда 5 киши ҳалок бўлганини айтишимиз мумкин, улар Россия фуқароси экани тахмин қилинмоқда, -деди Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова 15 февраль куни.

Аввалроқ Ройтерс агентлиги учта мустақил манбага таянган ҳолда ўтган ҳафтада Сурияда Кремлга алоқадор бўлган хусусий ҳарбий ширкатга ёлланган россиялик 300 жангчи ҳалок бўлгани тўғрисида билдирганди.

Суриянинг Дайр аз Зор вилоятида 7 февраль куни президент Башар Ассад армияси ва АҚШ етакчилигидаги аксилтеррор коалицияси ўртасидаги жанглар давомида Сурия ҳукуматини қўлловчи юзлаб жангчи ўлдирилгани, улар орасидаСурия ҳукумати армияси таркибида жанг қилаётган ўнлаб Россия фуқаролари ҳам бўлгани хабар қилинган эди.