Доғистондаги черковга қилинган ҳужум учун масъулиятни ИД ўз зиммасига олди

Кизлярдаги православ черкови.

Доғистоннинг Кизляр шаҳрида православ черковига милтиқ билан ҳужум қилиб, 5 кишини ўлдирган жанггарининг шахси аниқланди.

Россия расмийларига кўра, ҳужумчи 22 ёшли Ҳалил Ҳалилов бўлиб, у “Ислом давлати” гуруҳининг минтақадаги яширин ячейкаси аъзоси бўлган.

Ҳужум пайтида полиция томонидан отиб ўлдирилган Ҳалилов Доғистоннинг Цунтин туманидаги Кидеро қишлоғида яшаган.

18 февраль куни Кизляр туманидаги православ черковига қилинган ҳужумда ҳалок бўлган 5 кишининг барчаси аёлдир. Ҳужум пайтида яна 4 киши яраланган, улардан уч нафари миллий гвардия аскаридир.

“Ислом давлати” гуруҳи ўзининг Amaq агентлиги орқали хабар тарқатиб, ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди.