Латвия Марказий банки раиси коррупцияга қарши тузилма томонидан қамоққа олинди

Латвия Марказий банки раҳбари Илмарс Римсевич

Латвия ҳукумати Коррупцияга қарши агентлик томонидан Марказий банк раҳбари Илмарс Римсевич қўлга олинганини билдирди.

Бош вазир Марис Кучинскис маъмурияти бу маълумотни 18 февралда банкирнинг иш кабинети ва уйида 16 февралда тинтув ўтказилгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлгани ортидан тарқатди.

Маълумотда Марказий банк раҳбари қандай айблов билан қўлга олингани айтилмаган, бироқ “Латвия молия тизимига таҳдид туғилмагани”ни таъкидланган.

Мазкур вазиятни муҳокама қилиш учун 19 февраль куни Латвия ҳукумати шошилинч йиғилиш ўтказади. Президент маъмурияти эса кейинги ҳафтада Хавфсизлик кенгаши йиғилишида банк фаолияти кўриб чиқилишини маълум қилди.

Латвия Марказий банки ва Европа Марказий банки Римсевичнинг қамоққа олиниши юзасидан ўз муносабатини билдиргани йўқ. Латвия Европа Иттифоқига аъзо давлат сифатида евро пул бирлигидан фойдаланади.