Бош вазир Абдулла Арипов Абдулла Қодирий ҳовлисида боғ музей қуришни ваъда қилди

Ëзувчи Абдулла Қодирий.

20 февраль куни ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий авлодлари яшаб келаëтган ҳовлига борган Бош вазир Абдулла Арипов¸ бу ерда ëзувчи хотирасига бағишланган боғ-музей ташкил этишни ваъда қилган.

Бу ҳақда BBC ўзбек хизматига ëзувчининг набираси Хондамир Қодирий маълум қилди.

Айтилишича¸ Абдулла Қодирийнинг машҳур айвонли уйи қурилган ҳудуднинг умум майдони бир гектарга яқин ва бу ерда ëзувчининг авлодилари бўлган 10 дан ошиқ оила яшайди.

Бош вазир бу оилаларга бошқа уй-жой ажратиб¸ Қодирий ҳовлисида боғ-музей ташкил этиш ғоясини қўллашини билдирган.

19 феврал куни ЎзА агентлиги Маданият вазирлиги “катта маблағ” талаб этилиши важи билан ўзбек адабиётининг буюк вакили Абдулла Қодирий уй - музейини ташкил этишдан воз кечиб келаëтганини хабар қилган эди.

Агентликнинг ёзишича, Маданият вазирлиги Абдулла Қодирий уй музейини ташкил этиш илтимоси билан Қодирийлар авлодидан 25 нафар киши имзо чеккан мактубга: “Уй-музейи ташкил қилиш учун уй ҳудудини асл ҳолатига келтириш керак, бу эса, ўз навбатида, катта маблағни талаб этади... Шунингдек, уй-музейи ташкил этиш учун А.Қодирийнинг оила аъзоларини бошқа уй-жой билан таъминлаш масаласи Маданият вазирлигининг ваколат доирасига кирмаслигини ва бу масала Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳал этилиши мумкинлигини маълум қиламиз”, деб жавоб берган.

Адибнинг невараси Хондамир Қодирийнинг маълумот беришича, Адабиёт музейида Қодирийга тегишли экспонатлар мавжуд бўлиб, Қодирий уй-музейи ташкил этилса бу ёдгорликлар адиб ҳовлисига қайтарилади. Уйда ҳозирда авлодлар томонидан адибга тегишли бўлган бир-қанча буюмлар сақланмоқда.