Доғистон муфтияти черковга қилинган ҳужумни қоралади

Кизлярдаги православ черкови.

Доғистон мусулмонлари диний идораси Кизляр шаҳридаги православ черковига қилинган ҳужумни қоралади. Доғистон муфтияти “черковга ҳужум қилган шахс ҳақиқий ислом динига алоқадор эмас”, деб эълон қилди.

19 февраль куни эълон қилинган баёнотда муфтият черковда ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия билдирди.

Доғистон президенти вазифасини бажарувчи Владимир Васильев 19 февралда доғистонликларга мурожаат қилиб:

-Доғистоннинг кўп миллатли ва кўп конфессияли халқини Кизлярдаги воқеа ортидан бўлиб ташламоқчи бўлганлар ўз ниятларига етмадилар, аксинча бугунги кунда биз аввалгидан ҳам якдилроқмиз, -деб айтди.

18 февраль куни Кизляр туманидаги православ черковига милтиқ билан ҳужум қилиниб, 5 киши ҳалок бўлган ва 4 киши яраланган эди. Полиция мазкур террор ҳаракатини амалга оширганликда гумонлаб 22 ёшли Ҳалил Ҳалиловни қўлга олган.

“Ислом давлати” гуруҳи ўзининг Amaq агентлиги орқали хабар тарқатиб, ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди.