Али Ферузга Германия қочқинлик мақомини берди

“Новая газета”нинг ўзбекистонлик журналисти Али Феруз.

Москвадаги “Новая газета”нинг ўзбекистонлик журналисти Али Ферузга Германия қочқинлик мақомини берди.

"Дождь" телеканалининг 20 февралда билдиришича, Феруз айни пайтда Гёттингем шаҳрида яшамоқда. Яқин кунда унга немис паспорти ва Германияда яшаш ҳуқуқи берилиши айтилмоқда.

Али Феруз Германияни тарк этиш нияти йўқлигини, немис тилини ўрганиб, журналистик фаолиятини давом эттиришни билдирди.

Февраль ойи бошларида Москва шаҳар Басманний туман суди Али Ферузнинг учинчи давлатга чиқиб кетишига рухсат берган ва у 15 февраль куни Германияга олиб чиқиб кетилган эди.

Асл исми Худоберди Нурматов бўлган Али Феруз ўтган йил августида Москвада Россияда ноқонуний ишлаётганликда айбланиб қўлга олинган эди. Дастлаб суд уни Ўзбекистонга депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарган, бироқ Европа судининг ажрими билан депортация қарори тўхтатилганди.

Али Феруз Ўзбекистонга депортация қилинган тақдирда ўзини террор гуруҳларига алоқадорликда айблаб¸ қийноққа солишлари¸ ҳатто ўлдириб юборишларини иддао қилган.

Унинг бир неча йил давомида Россиядан қочқин мақомини олиш уринишлари самара бермади.