Мирзиёев Душанбеда визасиз борди-келди тўғрисидаги шартномани имзолайди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга март ойининг биринчи декадасида амалга оширадиган давлат ташрифи доирасида 20дан ортиқ давлатлараро ва ҳукуматлараро шартномалар имзоланиши режалаштирилмоқда.Бу ҳақда 21 февраль куни Sputnik нашри хабар берди.

Маълумотда билдирилишича, “Икки мамлакат фуқароларининг Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудида бир ойгача визасиз юришлари ҳамда давлат чегарасининг баҳсли қисмлари борасидаги масалага чек қўювчи икки давлат чегараларини демаркация ва делимитация қилиш ҳақидаги келишувларни улар орасида энг аҳамиятлилари деб аташ мумкин”.

Бундан ташқари Ўзбекистон икки давлат тадбиркорлари муносабатини ривожлантириш учун Тожикистонга 100 миллион доллар миқдоридаги имтиёзли кредит тақдим этиши тўғрисмидаги ҳужжат ҳам имзоланади.

Шунингдек, транспорт, коммуникация, Ўзбекистон томонидан Тожикистонда бир мактаб ва касалхона қурилишининг молиялаштирилишига оид келишувлар имзоланиши кутилмоқда.