Президент 1 мартдан боғча ходимлари ойлигини 30 фоизга оширди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 28 февраль куни “Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Президент сайтида эълон қилинган қарорга кўра¸ 2018 йилнинг 1 мартидан бошлаб мудирлар, тарбиячилар, методистлар, ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар, мусиқа раҳбарлари ва тарбиячининг ёрдамчилари маоши 30 фоизга оширилди.

Қарорда шунингдек мактабгача таълим муассасалари ходимларининг бошқа айрим тоифалари иш ҳақининг жорий йил 1 сентябридан 10 фоиздан 30 фоизгача оширилиши ҳам айтилган.

Айни пайтда¸ президент қарорида “Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Касби, Миришкор, Қамаши, Чироқчи, Нишон, Яккабоғ ва Ғузор туманларида, Бухоро вилоятининг Олот, Шофиркон, Қоракўл, Пешку ва Ромитан туманларида, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Музработ, Олтинсой, Бойсун, Қумқўрғон, Узун, Сариосиё туманларида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида болалар сақлангани учун амалдаги ота-оналар тўлови миқдори 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда икки баравар пасайтирилсин”¸ дейилган.

Қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Қ.В.Акмалов, Молия вазири Ж.А.Қўчқоров ва Мактабгача таълим вазири А.В.Шин зиммасига юклатилган.

Ўзбекистон Президентининг 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан мамлакатда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди ва унга Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директори, сенатор Агриппина Васильевна Шин тайинланди.

Бу вазирликнинг Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимига президентнинг иккинчи қизи Шаҳноза Мирзиëева тайинланган.