Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида тожик тилидаги янгиликлар саҳифаси ташкил этилди.
“Мазкур бўлим 1924 йилдан буён чоп этилаётган “Овози тожик” - Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Ҳукумати газетасининг фаол кўмагида ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистонга давлат ташрифи тўғрисидаги янгилик дастлабки ьаълумотлардан бири сифатида ушбу бўлимга жойлаштирилди”, дейилади расмий хабарда.
Сайтга тожик тилида жойлаштирилган “Ўзбекистон-Тожикистон: ҳамкорликнинг янги босқичи”, деб номланган мақолада қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда тожик миллатига мансуб 1,5 миллион нафар одам яшамоқда. Мамлакатнинг 10та ҳудудида тожик миллий марказлари фаолият юритмоқда. Самарқанд, Термиз ва Фарғона университетларида тожик тилида ўқитиладиган бўлимлар ташкил этилган.
Сайтда тожик тилидаги янгиликлар президент Шавкат Мирзиёев Душанбега давлат ташрифи билан борган 9 март кунидан бошлаб чоп этила бошланди.
Бунга қадар Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида янгиликларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўқиш мумкин эди.