Ўшда яна “Яқийн инкор” диний оқими аъзолари қўлга олинди

“Яқийн инкор” даъватчилик билан шуғулланиши айтиб келинадиган “Таблиғи жамоат” оқимидан ажралиб чиққан. Суратда даъватга кетаётган диндорлар. Суратнинг мазкур хабарга алоқаси йўқ.

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида “Яқийн инкор” диний оқимининг 7 нафар аъзоси қўлга олинди. Ўш вилоят ички ишлар бошқармасининг билдиришича, улардан 6 нафари Аравон ва 1 нафари Ўзган туманларида ушланган.

1 март куни Ўшда “Яқийн инкор” диний оқимига мансубликда гумонланган 9 одам “диний-экстремистик оқим мафкурасини тарғиб қилиш”да айбланиб судланган эди. Уларнинг ҳар бири 3-4 йилданга озодликдан маҳрум қилинган. Судланганлар ўтган йилнинг 15 июнида Қорасув туманида қўлга олинган.

Февраль ойида Қорасув туманида “Яқийн инкор”чиликда айбланган 24 одам суд ҳукми билан ҳар бири икки йилданга шартли равишда озодликдан маҳрум қилинганди.

“Яқийн инкор” даъватчилик билан шуғулланиши айтиб келинадиган “Таблиғи жамоат” оқимидан ажралиб чиққан, деб ҳисобланади.

“Яқийн инкор” оқими аъзолари ўғил болалар ва қизларни алоҳида-алоҳида мактабларда ўқитиш, телефон, телевизор каби воситалардан фойдаланмаслик ғояларини илгари суриб келади.

2017 йилнинг 15 июнида Бишкек шаҳар Октябрь туман суди қарори билан “Яқийн инкор” фаолияти тақиқланган. Бунга қадар Қирғизистон мутияти бу оқим вакилларига даъват ишларини олиб боришни тақиқлаган эди.