Қозоғистонда Ўзбекистон йили ўзбек санъаткорларининг концерти билан бошланди

Қозоғистон пойтахти Остонада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев ташаббуси билан бўлиб ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашувидан сўнг «Остона-опера» театрида Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон президентлари ва Туркманистон делегацияси раҳбарлари иштирок этди.

Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг очилиши муносабати билан Ўзбекистон халқи ва президенти табриклаган Нурсултон Назарбоев дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Шавкат Мирзиёевни Қозоғистоннинг биринчи даражали «Дўстиқ» ордени билан мукофотлади.

Шундан сўнг Ўзбекистон санъат усталарининг гала-концерти бўлиб ўтди. Концертда ўзбек миллий қўшиқ ва рақслари баробарида минтақа ва ва Европа опера санъати намуналари ижро этилди.

Концертда Алишер Навоий номидаги миллий опера ва балет театри усталари¸ Женисбек Пиязов¸ Севара Назархон¸ Озодбек Назарбеков ва Фаррух Зокировлар қатнашди.

“Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг расмий очилиш маросимида ижро этилган куй-қўшиқлар, рақслар халқларимиз бирлиги, маданий яқинлиги яна бир бор яққол намоён бўлди”, дейилган президент матбуот хизмати хабарида.

Айтилишича¸ Қозоғистонда Ўзбекистон йили дастури доирасида кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.