Майк Пенс Покистонни жангариларга қарши кескинроқ курашишга чақирди

АҚШ вице-президенти Майк Пенс

АҚШ вице-президенти Майк Пенс Покистон бош вазири Шаҳид Ҳоқон Аббосийга унинг мамлакати Толибон ва бошқа жангариларни енгиш учун Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик қилиши кераклигини айтди.

Бу ҳақда Оқ Уй матбуот хизмати хабарнома тарқатди.

“Вице-президент Пенс президент Доналд Трампнинг илтимосини такрорлади. Унга кўра, Покистон бундан буён Толибон, Ҳаққоний тармоғи ва бошқа террорчилик ташкилотларига ўз ҳудудидан жой бермаслиги керак”, дейилади хабарномада.

"Покистон Қўшма Штатлар билани ҳамкорлик қилиши мумкин ва зарур", дейилади унда Пенсга иқтибосан.

Хабарномада музокара қачон, қаерда ва нима ҳақда ўтгани ҳақида ҳеч нарса дейилмади. Аммо АҚШ ва Покистон ОАВнинг расмий манбаларга асосланиб, маълум қилишича, учрашув вице-президентнинг Вашингтондаги қароргоҳида бўлиб ўтган.

Манбаларга кўра, Аббосий Қўшма Штатларга норасмий сафар қилган ва учрашув унинг илтимосига кўра уюштирилган.

16 март куни АҚШ ҳукуматининг етакчи вакилларидан бири журналистларга, Покистон Афғонистон толиблари ва Ҳаққоний тармоғига ўз ҳудудидан бошпана беришни тўхтатиш тўғрисидаги талабини бажариш учун “деярли ҳеч иш қилмаяпти”, деб айтди.

Президент Трамп, Покистон жангари ташкилотларга қарши кескинроқ чоралар кўрмаса, Қўшма Штатлар ҳар йили ажратадиган 2 миллиард долларлик ҳарбий ёрдамини тўхтатиб қўйишини айтган эди.