НАТО бош котиби Россияни "Новичок" гази дастурини ошкор этишга чақирди

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 19 март куни ташкилот Британияда собиқ жосус Сергей Скрипаль нерв гази билан заҳарланишини кескин қоралашини билдирди.

Брюсселда Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон билан учрашган Столтенберг бу масалада НАТОга аъзо давлатлар якдил фикрда эканини маълум қилди.

- Россия шу кунгача жаҳондаги тинчлик ва хавфсизликка панжа ортидан қарашини намойиш қилиб келмоқда. Биз Россияни “Новичок” дастурини Кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича халқаро ташкилотга тўлиқ ошкор этишга чақирамиз. Биз бу шафқатсиз ҳужумни тергов қилишда Кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича халқаро ташкилот билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаймиз, - деди Столтенберг.

Британия ва унинг иттифоқчилари 4 март куни “Новичок” деб аталаётган асабни фалаж қилувчи газ воситасида амалга оширилган ҳужум оқибатида Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия оғир аҳволода қолаётгани учун Москвани айблаган.

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари 19 март куни Буюк Британиядаги россиялик собиқ агентнинг заҳарланишини қоралади ва Лондоннинг бу жиноят ортида Москва турганига оид баёнотини “фавқулодда жиддий” қабул қилганини билдирди