Наврўз байрами арафасида 21 километрлик марафон ўтказилди

Тошкентда ўтказилган марафонлардан бирида олинган сурат.

Пойтахт Тошкентда 20 март куни Ёшлар иттифоқи ва Енгил атлетика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Наврўз – 2018 марафони”да юзлаб ёшлар иштирок этди.

ЎзАнинг хабар беришича, бундай марафонлар нафақат Тошкентда, балки барча вилоятлар марказларида ҳам бўлиб ўтган. Унда олий ўқув юртлари талабалари, мактаб ўқувчилари, фахрийлар, уюшмаган ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган.

“Марафонда уч хил: 2018 метр, 3 ва 21 километрлик масофаларда баҳслар ўтказилди. Пойтахтимизнинг Нукус кўчасидан “Пахтакор” марказий стадионигача бўлган кўчаларда ўтказилган мусобақаларда марра чизиғига биринчилардан бўлиб етиб келган иштирокчиларни ташкилотчилар велосипедлар, диплом ва медаллар билан тақдирлади. Қолган барча қатнашчиларга фахрий ёрлиқлар топширилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, марафон қатнашчилари учун концерт ташкил етилиб, унда ёшларнинг севимли санъаткорлари куй-қўшиқлари билан иштирок этди.