Тошкентдан Урганч, Хива ва Нукусга йўл деярли 100 километрга қисқарди

Янги темир йўлдан "Афросиёб" поездлари қатновини ҳам йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.

Тошкентдан Урганч, Хива ва Нукусга темир йўл масофаси деярли юз километрга, йўлга сарфаланадиган вақт қарийиб 2 соатга қисқарди.

“Ўзбекистон темир йўллари”нинг хабар беришича, янги “Бухоро – Мискин” темир йўли ишга туширилиши ортидан мана шундай имкониятлар яратилди.

Мазкур темир йўлдан “Тошкент – Ургенч” ва “Тошкент – Нукус – Қўнғирот” йўналиши бўйича поезд қатнови 20 март куни бошланди.

Бундан ташқари “Бухоро – Мискин” темир йўл тармоғи орқали Тошкент – Саратов, Тошкент – Волгоград, Олмаота – Нукус, Андижон – Урганч, Нукус – Урганч – Термиз қатнови ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

"Бухоро – Мискин” темир йўл тармоғи қурилиши 2017 март ойида бошланган эди. Янги темир йўл линиясининг умумий узунлиги 355 километрни ташкил қилади.