Telegram Россия суди қарори устидан Европа судига мурожаат қилди

Иллюстратив сурат.

Telegram Messenger ширкати Европа инсон ҳуқуқлари бўйича судига 800 минг рубль миқдорида жарима солиш тўғрисидаги Россия маҳкамаси қарори устидан шикоят қилди.

Россия суди Telegram Федерал хавфсизлик хизматига фойдаланувчиларнинг ёзишмаларини ўқишга имконият берувчи шифрларни тақдим этишдан бош тортгани ортидан шундай қарор чиқарган эди.

20 март куни Россия Олий суди Telegramнинг Федерал хавфсизлик хизматига нисбатан даъво аризасини кўриб чиқишдан бош тортди.

Мессенжер вакиллари махсус хизматларнинг фойдаланаувчилар ёзишмалари шифри калитини тақдим этиш тўғрисидаги талаби Россия Конституциясига зид келишини билдирмоқда.

Олий суд даъво аризасини кўриб чиқишдан бош тортганидан сўнг Роскомнадзор Telegram раҳбариятига Федерал хавфсизлик хизмати буйруғини 15 кун ичида бажариш талаб қилинган расмий мактуб жўнатди. Мазкур муҳлат якунланганидан сўнг Роскомнадзор Telegram мессенжерини тўсиб қўйишни сўраб судга мурожаат қилиши мумкин.

Бундай огоҳлантирувга қарамай¸ Telegram асосчиси Павек Дуров¸ Федерал хавфсизлик хизмати сўрови қондирилмаслигини айтмоқда.