Ўзбекистон ҳукумати чет элда ҳалок бўлганларнинг яқинларига ижтимоий ёрдам кўрсатишни йўлга қўймоқчи

Ўзбекистон ҳукумати чет давлатларда фавқулодда холатларда ҳалок бўлган ўзбек ватандошларининг оила аъзоларига ижтимоий ёрдам кўрсатишни йўлга қўймоқчи.

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг 23 март куни хабар беришича, хорижий давлатлар ҳудудида фавқулодда вазиятлар оқибатида жабрланган Ўзбекистон қатандошларига ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги ҳукумат қарори қабул қилинган.

Қарорда айтилишича, ёрдамлар Вазирлар Маҳкамасининг заҳира маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Лекин, жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг яқинларига қанча миқдорда ёрдамлар берилиши ҳақида қарорда маълумот келтирилмаган.

Қарорда хорижий давлатларда фавқулодда вазиятлар оқибатида жабрланган фуқароларга ёрдам кўрсатиш, ҳалок бўлганларни эвакуация қилиш тартиби ҳам белгиланган.

Шундай холат рўй бергани тақдирда уч соат ичида Фавқулодда вазиятлар, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Мудофаа, Соғлиқни сақлаш ва бошқа вазирлик идораларнинг вакилларидан иборат махсус гуруҳ фавқулодда вазият содир бўлган ҳудудга жўнаб кетиши лозимлиги низомда айтилган.