Томорқасига етарлича эътибор қаратмаган деҳқонлар бундан буён ер солиғини белгиланганидан уч баробар кўп миқдорда тўлайди. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги низомитасдиқлангани тўғрисида Norma.uz хабар берди.
Ҳукуматнинг “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 205-сон қарорига асосан туманларда турли давлат органлари вакилларидан иборат мониторинг гуруҳлари ташкил этилади.
“Кун уз” нашрида эълон қилинган шарҳда айтилишича: “Мазкур ишчи гуруҳлари ҳар йили декабрь-январь ойларида хонадонма-хонадон юриб томорқа ер участкалари майдонлари, экин турлари, мевали дарахтлар тури ва сони, чорва моллари ва паррандалар сони, шунингдек, уларнинг йил давомида томорқа ер участкасида етиштириладиган маҳсулот турлари ва сотиш ҳажмлари ҳамда иссиқхона барпо этиш, чорва моллари ва парранда боқишга бўлган хоҳишни ўрганиб чиқади”.
Туман ҳокими ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, 15 февралгача томорқаларда етиштириладиган экин ва маҳсулот турлари, уларни сотиш ҳажмлари, шунингдек, иссиқхоналар барпо этиш, мевали ва манзарали дарахтлар экиш ҳамда чорва моллари, паррандалар сотиб олиш прогноз кўрсаткичларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади.
Мазкур қарорнинг бажарилиши мониторинг гуруҳи томонидан назорат қилиб борилади. Мониторинг натижасида экин ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланган томорқа эагсига ер солиғи ставкасининг пасайтирувчи коэффициентини қўллаш тарзидаги солиқ имтиёзи берилади.
Томорқасига белгиланган экин турлари ҳамда мевали ва манзарали дарахтлар экилмаганлиги, чорва моллари сотиб олинмаганлиги, иссиқхона барпо этилмаганлиги, шу жумладан ер участкаси ободонлаштирилмаганлиги аниқланган ер эгаси эса ер солиғини уч баробар миқдорида тўлайди.
Деҳқон хўжаликларига нисбатан эса ер участкасига бўлган ҳуқуқини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш бўйича чоралар кўрилади.