Роғун ГЭСи қурилиши ортидаги таваккалларни Тошкент ва Душанбе ҳамкорликда ўрганади

Ўзбекистон ва Тожикистон трансчегаравий дарёларнинг юқори ўзанларида йирик гидороиншоотлар қуришдаги таваккалларни биргаликда ўрганади. Бу ҳақда Podrobno.uz нашри Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норовга таянган ҳолда хабар берди.

Норовга кўра, таваккалларни биргаликда ўрганиш ортидан Ўзбекистон Роғун ГЭСи қурилишида иштирок этиши мумкин.

“Мен тожик ҳамкасбларга қандай таҳдидлар асосли эканини ва уларни ҳамкорликда ҳар иккала давлат манфаатларига зарар келтирмайдиган даражада ҳал этиш йўлларини ўрганишни таклиф этдим”, деди Норов.

Расмийга кўра, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ўз мамлакати минтақа манфаатларига қарши чиқмаслиги ва қўшниларни сувсиз қолдирмаслиги тўғрисидаги баёнот билан чиққанидан сўнг, расмий Тошкент Роғун ГЭСи қурилишидаги иштироки масаласини ўрганиб чиқишга тайёр эканини билдирган. Мана шу мақсадда ишчи гуруҳи ташкил этилган.

Узоқ йиллардан бери Тошкент Роғун ГЭСи қурилиши экологик ҳалокатга сабаб бўлиши мумкинлигини билдириб, мазкур гидроиншоотнинг барпо этилишига қарши чиқиб келаётган эди.