МХХдан ДХХга айланган идора фаолиятига оид қонун қабул қилинди

ДХХ логоси.

29 март кунги мажлисида Олий Мажлис Сенати “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунни қабул қилди.

Бу қонун президент Шавкат Мирзиёевнинг 14 март кунги “Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Қонунда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган этиб белгиланди.

Қонунга мувофиқ¸ давлат чегараларини қўриқлаш¸ разведка ва контразведка учун масъул ДХХга “терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш; давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш бўйича фаолият олиб бориш¸” ваколати ҳам берилди.

Янги қонунда ДХХга давлат идоралари¸ жамоатчилик ташкилотлари ва тадбиркорлик фаолиятига аралашиш ваколати берилмаган.

Мазкур қонун президент имзолаган кундан бошлаб¸ кучга киради.