Тожикистон Ўзбекистон жанубига электр энергияси узатишни бошлади

Тожикистондаги “Барқи тожик” ширкатининг хабар беришича, 2 апрель куннинг иккинчи ярмида Тожикистонинг “Регар” подстанциясидан Ўзбекистонинг “Гулча” подстанциясига электр энергияси узатиш бошлаган.

“Барқи тожик” раисининг биринчи муовини Маҳмадумар Асозоданинг Озодликка айтишича, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳукуматлараро битим асосида йилига 1,5 миллиард киловат-соат миқдорида электр қуввати экспорт қилинади.

“Барқи тожик” мулозимининг айтишича¸ Тожикистондан Ўзбекистонга электр энергияси фақат баҳор-ёз мавсумида узатилади.

Ҳукуматлараро келишувга биноан, 1 киловат электр қувватининг нархи 2 АҚШ центини ташкил этади.

Ўтган йил 20 декабрда Тожикистон энергетика ва сув заҳиралари вазири Умонали Усмонзода парламент сессиясида Тожикистондан Ўзбекистонга электр энергиясини экспорт қилиш учун 60 километр электр узатиш линияси ва барча подстанциялар таъмирланганини билдирган эди.

2009 йили ноябрида Ўзбекистон бир томонлама Марказий Осиё ягона электр энергияси тизимидан чиқиши ортидан, Тожикистон ва Ўзбекстон ўртасидаги энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бутунлай тўхтаб қолган эди.