Қозоғистон қочқинликдаги мухолифатчи Мухтор Аблязовни энди қотилликда айбламоқда

Мухтор Аблязов президент Нурсултон Назарбоевнинг ашаддий тангқидчисидир.

Қозоғистон прокуратураси президент Назарбоевнинг танқидчиси ва мухолифи Мухтор Аблязовга нисбатан янги жиноят ишини очди.

Пркуратура Аблязовни 2004 йилда “ТуранАлем” банкининг бош менежери Ержан Татишевни “ўлдиришни уюштирганлик”да айбламоқда.

Аблязов бунга қадар ижтимоий тармоқларда Татишевнинг ўлимига алоқадор эмаслигини ёзган эди. Аблязов, шунингдек, Татишевни ўлдиришга буйруқ берганликда айбланиб 10 йилга қамалган тадбиркор – “Казстройстекло” заводи эгаси Муратхан Токмадини ҳам танимаслигини айтган.

13 март куни Қозоғистон суди Аблязов томонидан асос солинган Қозоғистон Демократик танлови партиясини ”давлат тузимини куч билан ўзгартиришни тарғиб қилувчи экстремистик ташкилот” сифатида тан олган ва партия фаолиятини тақиқлаган эди.

2009 йилдан бери хориж давлатларидан бирида қочқинликда яшаётган Мухтор Аблязов президент Нурсултон Назарбоевнинг ашаддий тангқидчисидир. У Қозоғистон Демократик танлови партияси ташкил этилгани тўғрисида 2017 йилнинг апрелида баёнот тарқатган эди.

Қозоғистон, Россия ва Украина Мухтор Аблязовни 5 миллиард долларга яқин маблағни ноқонуний ўзлаштириб олганликда айблаб халқаро қидирувга берган. Аблязов бу айбловни тан олмаган ва уни сиёсий мотивга эга деб баҳолайди.