ДХХ ўзбек чегарачиси отган қирғизистонлик чегарани бузиб кирган, деб баёнот берди

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари матбуот хизмати 7 апрель кунги чегара инциденти бўйича изоҳ берди.

7 апрель куни Ўзбекистон чегарачиси отган ўқдан 34 яшар Қирғизистон ватандоши ўлган эди.

Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, ўзбекистонлик чегарачилари Қирғизистон томонидан чегарани бузиб кирган шахсни тўхтатишга уринган, аммо бу шахс "ҳавога отилган огоҳлантириш ўқларга ҳам эътибор қилмай, қўшни давлат ҳудудида беркинган".

Нашрнинг Ўзбекистон ҳукуматига манбасига таяниб хабар қилишича, қочоқни Қирғизистон ҳудудида машина кутиб турган ва жароҳатланган ҳолида уни олиб, шифохонага етказган.

Шунингдек, ҳозирда икки давлатнинг тегишли органлари ҳамкорлигида текширув-суриштирув ишлари олиб борилаётгани хабар қилинди.

Воқеа 7 апрель куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Аксу тумани Мамай қишлоғи ҳудудида содир бўлган.

Қирғизистон Давлат Чегара хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон чегарачилари қирғизистонлик ўз мамлакати ҳудудида бўлган пайти уни ўққа тутган.

"Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хизматчилари Қирғизистон фуқароси – Жалолобод вилояти, Аксу тумани, Қурулуш қишлоғида яшовчи, 1984 йилда туғилган Ф.М.га нисбатан қурол қўллашди. У Қирғизистон ҳудудида бўлиб, Мамай қишлоғига кетаётган бўлган", дейилади Қирғизистон Чегара хизмати расмий баёнотида.