Москва Сурияда кимёвий бомба ташланганига оид хабарни "сохта", деб рад этди

Мухолифат фаоллари ва қутқарувчилар Суриянинг шарқидаги Ғута вилоятнинг Дума шаҳрида қилинган эҳтиёмолий кимёвий ҳужумда ўнлаб одам ўлгани ҳақида хабар қилмоқда.

Президент Асадга мухолиф гуруҳларга алоқадор "Оқ каскалар" ва бошқа гуруҳлар берган маълумотга кўра, 7 аперль куни оқшом токсик газ билан тўлдирилган баррел бомбалар Дума шаҳрига ташланган.

Бомбадан азият чекканларда кўз қорачиқларининг йириклашиши ва оғзидан кўпик келиши каби аломатлар кузатилаётгани айтилмоқда. Турли манбаларда берилган норасмий маълумотларга кўра, ўлганлар сони 40-70 киши атрофидадир.

Ўлганлар ва жабрланганларнинг аксарияти тинч аҳоли вакиллари, болалар ва аёллар экани айтилмоқда.

Ҳозирча, расмий тасдиғини топмаётган бу хабарни расмий Дамашқ ва Москва "сохта", деб рад этмоқда.

Америка Қўшма Штатлари Сурия ҳукумати қўшинлари кимёвий қуролларни “даҳшатли тарзда” қўллагани тўғрисидаги “ўта хавотирли” хабарларни диққат билан кузатиб турганини билдирди. Ҳукумат вакилига кўра, агар шундай ҳужум қилингани тасдиқланса, бунинг учун Россия жавобгар бўлади.