БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурияда кимёвий қурол қўлланилгани юзасидан шошилинч йиғилиш ўтказади

Кимёвий ҳужумда жабрланган бола текширувдан ўтказилмоқда.

АҚШ, Британия, Франция ва яна олти давлат Суриянинг Дума шаҳрида кимёвий қурол қўлланилгани тўғрисида тарқатилган хабарлар ортидан 9 апрель куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг навбатидан ташқари шошилинч йиғилишини ўтказиши кутилмоқда.

АҚШ президенти Дональд Трам Россия ва Эронни “мантиқсиз кимёвий ҳужум”га йўл қўйганликда айблади. Россия ва Эрон Думада кимёвий ҳужум уюштирилгани тўғрсидаги хабарлар уйдирма эканини билдирмоқда.

Рим папаси Фрэнсис анъанавий якшанба ибодатида Суриядаги кимёвий ҳужум қурбонлари ҳақида гапирар экан:

-Урушнинг яхшиси ва ёмони бўлмайди, лекин қуролсиз тинч аҳолига нисбатан бундай оммавий қирғин қуроли қўлланилишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Келинг, сиёсий лидерлар бошқача йўлларни танлаши учун дуо қилайлик, -деб айтди.

Кимёвий қурол қўлланилгани тўғрсидаги хабар зудликда жаҳон ҳамжамияти томонидан кескин қоралангач, 8 апрель куни Россия Сурия ҳукумати билан Дума шаҳри аҳолисини эвакуация қилиш тўғрисидаги келишувга эришди. Думадан чиқариладиган исёнчи гуруҳлар ўрнига Россия ҳарбийлари киритилади.

Президент Асадга мухолиф гуруҳларга алоқадор "Оқ каскалар" ва бошқа гуруҳлар берган маълумотга кўра, 7 аперль куни оқшом токсик газ билан тўлдирилган баррел бомбалар Дума шаҳрига ташланган. Кимёвий қуролдан ҳалок бўлганлар сони юзга яқин экани айтилмоқда.