Ўзбек киносига хориж инвестициясини жалб қилувчи комиссия ташкил этилди

"Абдуллажон" фильмидан бир кўриниш.

Ўзбек киносини хорижда тарғиб қилиш билан шуғулланадиган кинокомиссия ташкил этилди. Бу ҳақда 15 апрель куни Podrobno.uz “Ўзбеккино” миллий агентлигига таянган ҳолда хабар берди.

Янги тузилма “Ўзбеккино”, Кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамда Ёш кинематографчилар кенгаши томонидан тузилди. Кинокомиссия ўзбек киносига хориж инвесторларини жалб қилиш масаласи билан ҳам шуғулланади.

Озодлик радиоси 13 февраль куни Франциянинг Канн шаҳрида ўтадиган машҳур кинофестивалда биринчи марта Ўзбекистон кинопавильони ташкил этилиши ҳақида хабар берган эди.

71-Халқаро Канн кинофестивали доирасида ўзбек павильони Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Кинематографияни ривожлантириш маркази ва Ёш кинематографлар кенгаши томонидан тақдим этилади.

Ўзбекистон павильони 8 майдан 19 майгача Франция фестиваллар ва конгресслар саройида жойлаштирилади. Павильонда кино ишқибозларига ўзбек киноси ҳақида маълумот берилади ва ўзбек кинолари намойиш этилади.

Жорий йилда Канн кинофестивалига жаҳоннинг 118 давлатидан 12 минг киночи келади.