БМТ Россия ва Сурия билан Думага юборилган экспертлар хавфсизлигини муҳокама қилмоқда

Кимёвий қуролга қарши кураш халқаро ташкилоти экспертларини Дамашқда БМТ транспорт воситалари ташимоқда.

БМТ ходимлари Сурия ва Россия расмийлари билан Кимёвий қуролга қарши кураш халқаро ташкилоти экспретлари Дума шаҳрига кира олиши учун уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масаласида музокаралар ўтказмоқда.

17 апрелда Суриянинг БМТдаги элчиси Башар аль Жафарий ташкилот экспертлари Дума шаҳрига киритилганини билдирган эди:

-Сурия ҳукумати ташкилот экспертларнининг фактларни аниқлаш бўйича фаолиятини енгиллаштириш учун барча имкониятларни ишга солиб кўмак кўрсатди ва 17 апрель Дамашқ вақти билан соат 15да экспертлар Дума шаҳрига кириб борди,- деб билдирган эди.

Бироқ 18 апрель куни Кимёвий қуролга қарши кураш халқаро ташкилоти бош директори Ахмет Узумку ташкилот экспертлари Думага кирмоқчи бўлганида уларга қарата ўқ отилганини айтган. Шу муносабат билан БМТ Россия ва Сурия ҳукумати билан экспертлар хавфсизлиги масаласини муҳокама қилаётир.

Аввалроқ Кимёвий қуролга қарши кураш халқаро ташкилоти инпеторларини Сурия ва Россия расмийлари Дума шаҳрига киритмагани хабар қилинган эди.

7 апрелда Суриянинг Дума шаҳрида кимёвий ҳужум амалга оширилгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Думада кимёвий қурол қўлланилгани оқибатида 43 киши "юқори даражадаги кимёвий токсик бомбадан" заҳарланиш симптомларидан ўлгани ҳақида билдирган.

Бунга жавобан АҚШ, Франция ва Буюк Британия ҳарбийлари 14 апрель куни Сурия ҳукуматига қарашли нуқталарга ҳаводан ҳужум уюштирди.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумлари Сурияда етти йилдан буён давом этаётган қонли урушда президент Башар Асад ҳукуматига қарши Ғарб кучлари томонидан берилган энг кучли зарба бўлди.