Россияга ташиладиган ҳўл мева-сабзавот учун темир йўл ҳаққи 50 фоизга арзонлади

"Ўзбекистон темир йўллари" давлат акциядорлик ширкати мамлакатда экспорт ҳажмини оширишга кўмаклашиш мақсадида хизмат ҳаққини 50 фоизга қадар арзонлаштиришини эълон қилди.

Ширкат расмий сайтида келтирилишича, мамлакат ичкариси, қўшни давлатлар ва қўшни давлатлар орқали Россияга ҳўл мева-сабзавот ҳамда қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини ташиш учун 50 фоизгача чегирмалар берилади.

Бундан ташқари, Қозоғистон ҳудуди орқали махсус музлатгич вагонларда мева-сабзавот, картошка ва парранда гўшти ташиш учун 50 фоизга қадар чегирмалар берилиши хабар қилинди.

Ширкатнинг қўшимча қилишича, арзонлашган хизмат турлари ҳақида маълумот олишни истовчилар учун эрталаб соат 8 дан то кечки соат 8 қадар ишлайдиган маълумот бюролари ташкил қилинган.

(Қўшимча маълумотларни мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)