Туркманистон билан 250 миллион долларлик шартномалар имзоланди

Бердимуҳаммедов ва Мирзиёев Хоразм вилояти драма театрида Ўзбекистон ва Туркманистон санъат усталари иштирокидаги концертни томоша қилмоқда.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг 23-24 апрель кунлари Ўзбекистонга қилган давлат ташрифи доирасида 250 миллион долларлик шартномалар имзоланди.

Podrobno.uz нашри бу ҳақда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромовга таянган ҳолда хабар берди.

Икромовнинг айтишича, 2017 йилда Туркманистон билан товар айланмаси 177 миллион 300 минг долларни ташкил қилган. 2018 йилнинг биринчи чорагида эса бу мамлакат билан товар айрибошлаш ҳажми 55 фоизга кўпайган.

Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари Тошкентда ўтган музокаралар пайтида ҳар икки йилда бир марта икки давлат ўртасида бизнес форумлар ва саноат кўргазмаларини ўтказиб туришга келишиб олган.

Музокаралардан сўнг Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида турли соҳаларга оид 17та шартнома имзоланди.