"Россия экспорт маркази" АЭС қурилишини молиялаш имкониятларини ўрганмоқда

Беларус. Астравецк Атом электр станцияси.

“Россия экспорт маркази” Ўзбекистон ҳукумати билан атом электр станцияси қурилишига маблағ ажратиш имкониятлари юзасидан мулоқот қилмоқда. Бу ҳақда 25 апрель куни “Россия экспорт марказининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Дмитрий Прохоренкога таянган ҳолда Sputnik нашри маълум қилди.

“Албатта, атом электр станцияси қурилишини бизнинг ташкилотимиз орқали молиялаштириш имкониятларини ўрганамиз. Бу борада Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқот олиб борилмоқда”, деди, жумладан, Прохоренко.

Аввалроқ Озодлик радиоси “Росатом” Ўзбекистонни АЭС қурилиши бўйича истиқболли ҳамкор сифатида танлаб олганини хабар қилган эди.

"Росатом" ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 2017 йил охиридан бери АЭС қурилиши масаласида бораётган музокаралар ҳозирча бошланғич босқичдан кўтарилгани йўқ.

“Росатом” Ўзбекистон ҳукуматига ҳар бири 1,2 ГВт қувватга эга бўлган икки блокли атом электр станцияси (АЭС) қуриб бериш лойиҳасини таклиф этмоқда,

Хабарда айтилишича, Бухоро вилоятида 19 апрель куни Россиянинг “Лукойл” ширкати сармоясига қурилган Қандим газни қайта ишлаш мажмуасини тўлиқ ишга тушириш маросимида биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича шартнома Россия билан йил охиригача имзоланиши кутилаётгани эълон қилинган эди.

Қандим мажмуасининг очилиш маросимида президент Шавкат Мирзиёев иштирок этган.

Ўтган йилнинг охирида Россия ва Ўзбекистон ўртасида атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисидаги келишим имзоланган эди.