НАТО Афғонистонга сайлов пайтида хавфсизликни сақлашга кўмаклашади

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

НАТО Афғонистонда зўравонликлар кучайиб бораётгани ортидан октябрь ойида ўтадиган парламент сайловлари пайтида хавфсизликни таъминлашга қўшимча равишда кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирди.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 26 апрель куни ташкилотга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари йиғилиши олдидан қилган чиқишида Толибонни зўравонликларни тўхтатишга чақирди.

-Толибон ҳеч қачон жанг майдонида ғалабага эриша олмаслигини тушуниб етиши лозим. Биз афғон хавфсизлик кучларини тайёрлашда, машқтиришда ва қўллаб -қувватлашда давом этамиз. Бу эса Толибонни охир –оқибат тинчлик музокараларига олиб келувчи шароитни таъминлайди, -деди Столтенберг.

22 апрель куни Кобул ғарбидаги асосан шиалар яшайдиган Дашт Барчи мавзесидаги сайловчиларни рўйхатга олиш марказида содир этилган худкуш ҳужуми оқибатида камида 57 киши ҳалок бўлган ва 119 киши жароҳатланган эди.

Ҳужум учун масъулиятни "Ислом давлати" гуруҳи ўз зиммасига олди.

Мамлакатда 14 апрелдан парламент сайлови учун сайловчиларни рўйхатга олиш жараёни бошланган. Сайлов октябрь ойига белгиланган.