АҚШ Кобулда журналистларга қилинган ҳужумни кескин қоралади

30 апрель кунги террор ҳужуми оқибатида Озодлик радиоси афғон хизматининг Кобулдаги уч мухбири нобуд бўлди.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 30 апрель куни Афғонистон пойтахти Кобулда журналистларнинг ўлдирилишини “маънисиз ваҳшийлик” деб атади.

Кобулда кетма-кет уюштирилган икки суиқасд ҳужуми оқибатида камида 25 одам ўлдирилди¸ уларнинг 9 нафари журналистлардир.

АҚШ Давлат котиби Twitter саҳифасида журналистларга қарши ҳужумни “демократиянинг тамал тошига қарши ҳужум” дея баҳолади ва бундай хуружларга қарамай¸ Афғонистондаги фаол матбуотнинг яшаб қолишига умид билдирди.

“Ислом давлати” экстремистик гуруҳи масъулиятни зиммасига олган 30 апрель кунги ҳужумлар оқибатида Озодлик радиоси афғон хизматининг уч мухбири нобуд бўлди.

Кобулнинг Шаш Дарак районида содир этилган суиқасд ҳужумини ëритиш учун келган журналистлар иккинчи суиқасд ҳужуми қурбонига айланди.